“Иссиқлик электр стансиялари” АЖ Фахрийлар кенгашининг 2025-йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

218

“Иссиқлик электр стансиялари” АЖ марказий аппаратида Фахрийлар кенгашининг 2025-йилда амалга оширилган ишлари ҳамда келгусидаги режаларига бағишланган навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда электр стансиялари ва марказларидан сайланган Фахрийлар кенгаши аъзоларининг ҳисоботлари тингланди. Таъкидланганидек, “Иссиқлик электр стансиялари” АЖ Фахрийлар кенгаши 2025-йил бошида ташкил этилган бўлиб, тизимда меҳнат қилган устозлар ҳамда нафақадаги фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш ва амалий кўмак беришни асосий мақсад қилиб олган. Ўтган давр мобайнида 200 нафардан ортиқ фахрийларга турли йўналишларда ёрдам кўрсатилди.  Хусусан, 100 нафар фахрийга моддий ёрдам ажратилди, 50 нафар фахрий саломатлигини тиклаш мақсадида сиҳатгоҳларда даволанишига кўмаклашилди. Шунингдек, 8-март -Хотин-қизлар куни, Рамазон ва Қурбон ҳайити, 9-май - Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик байрами каби муҳим саналар муносабати билан нафақадаги фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Ишлаб чиқариш соҳасида фахрийларнинг бой тажриба ва билимларидан самарали фойдаланиш мақсадида 10 та “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Шунингдек, 30-июн – Ёшлар куни муносабати билан 150 нафар ёшлар иштирокида “Фахрийлар бой тажрибасини ўрганаман” шиори остида танлов ўтказилди. Йиғилишда 2026-йилда амалга оширилиши кўзда тутилаётган асосий вазифалар белгилаб олинди, шунингдек, фаолият давомида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

”Янги-Ангрен ИЕС” АЖ Матбуот хизмати