Ҳурматли юртдошлар, азиз ҳамкасблар!
Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнлари ҳар бир соҳада шаффофликни таъминлашни, жамоатчилик назоратини кучайтиришни ва албатта, коррупцияга қарши қатъий курашишни талаб этади.
Иссцқлик электр станцияси - мамлакат энергетика тизимининг муҳим бўғини сифатида нафақат иқтисодий, балки ижтимоий масъулиятни ҳам ўз елкасида кўтариб келмоқда. Шунинг учун биз раҳбарият ва бутун жамоа фаолиятимиз давомида ҳалоллик, шаффофлик ва қонунийлик тамойилларига қатъий риоя қилишга бел боғлаганмиз.
Коррупция - бу нафақат жиноят, балки жамият ишончини йўқотувчи, тараққиётга тўсиқ бўладиган жиддий таҳдиддир. У ишончсизликни келтириб чиқаради, адолатни камситади ва институционал салоҳиятни заифлаштиради.
Шу муносабат билан, мен барча ходимларимизга мурожаат қилар эканман, сизларни қуйидагиларга чақириб қоламан:
Фаолиятингизда ҳар доим қонунга ва ахлоқ меъёрларига амал қилинг;
Ҳар қандай ноқонуний таклиф, тамагирлик ёки манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига мутлақо йўл қўйманг;
Агар коррупция аломатларига дуч келсангиз, бу ҳақда масъул идораларга ёки ишончли мурожаат каналларимиз орқали хабар беринг;
Жамоавий назоратни таъминлашда фаол иштирок этинг ва ўзингиз ҳам бошқалар учун намуна бўлинг.
Ҳурматли жамоамиз аъзолари!
Сизларни ишонтириб айтмоқчиманки, “Янги Ангрен ИЭС” АЖда ҳар қандай коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва шаффоф иш тизимини яратиш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилади. Бу борада биз фақат юқори идоралар назоратига эмас, балки ҳар бир ходимнинг фаол позициясига ҳам таянамиз.
Келажагимиз порлоқ бўлиши, фарзандларимиз ҳалол ва адолатли жамиятда яшаши учун, коррупцияга қарши курашиш - барчамиз учун умумий ва муқаддас бурчдир!
Корхонадаги қонунбузарлик ва коррупция ҳолатларига дуч келсангиз, 32-541 ички рақамли “Ишонч телефони” ёки “Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс хизмати”нинг (71) 236-65-41 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Сизнинг мурожаатингиз қонунда белгиланган тартибда шахсий назоратим остида кўриб чиқилади!