“Янги-Ангрен ИЕС” АЖда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда

169

2025-йил 19-сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимиз ривожи истиқболларини баҳолаш тизимини яратиш учун зарур бўлган маълумотлар базаларини шакллантириш мақсадида 2026-йил 15-январдан 28-февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши белгиланган.

Мазкур муҳим давлат тадбирига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида “Янги-Ангрен ИЕС” АЖда махсус ишчи гуруҳ шакллантирилди. Ишчи гуруҳ аъзоларига аҳолини рўйхатга олиш жараёнининг тартиби, саволномаларни тўлдириш қоидалари, ахборотларнинг аниқлиги ва махфийлигини таъминлаш масалалари бўйича тегишли ўқув-машғулотлари ўтказилди.

Машғулотлар давомида рўйхатга олиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳамда фуқаролар билан самарали мулоқот ўрнатиш бўйича амалий кўникмалар берилди. Таъкидланганидек, мазкур тадбир натижалари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

“Янги-Ангрен ИЕС” АЖ Матбуот хизмати